Термиз туманини 2025 йилгача ривожлантиришнинг асосий драйвер йўналишлари белгилаб олинган бўлиб, шулардан бири иссиқхона йўналишидир. Туманда иссиқхона йўналишини ривожлантириш борасида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш билан бир қаторда, тадбиркорлар томонидан йирик иссиқхона тармоқларини барпо этилишини қўллаб-қувватлаш ҳам йўлга қўйилган.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан журналист ва ижтимоий тармоқ фаоллари учун туманнинг “Мустақиллик” маҳалласида жойлашган “Агро Голд Траде” МЧЖнинг иссиқхоналар тармоғига пресс тур ташкил этилди.
Пресс тур давомида меҳмонлар “Агро Голд Траде” МЧЖнинг 1 гектар ер майдонида барпо этилган ҳамда эндиликда қурилиш ишлари олиб борилаётган қарийб 2 гектар майдондаги иссиқхоналар билан таништирилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 2,5 млрд. сўмни ташкил этиб, шундан 1,5 млрд. сўм банк кредити ва 1 млрд. сўм тадбиркорнинг ўз маблағи жалб қилинган.
Ҳозирда фаолияти йўлга қўйилган 1 гектар ер майдонидаги иссиқхонадан йиллик 80 тонна ҳосил олинишига эришилиб, йиллик товар айланмаси 850 млн. сўмни ташкил этмоқда. Пресс тур давомида журналист ва ижтимоий тармоқ фаоллари ўзларини қизиқтирган саволларга МЧЖ раҳбаридан батафсил жавоб олишди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024