Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
Аҳолини рўйхатга олиш тартиби, моҳияти ва унинг истиқболлари

Ҳар қандай давлатнинг тарихи – бу, биринчи навбатда, унда яшайдиган халқнинг тарихи, аҳолисининг сони ва таркиби, унинг иқтисодий ва ижтимоий тавсифларида ўз ифодасини топади. Аҳоли сони бўйича аниқ ва яхлит маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади.

Аҳолини рўйхатга олиш якунларига қараб ўтмиш ва ҳозирги давр ҳақида фикр ва мулоҳазалар юритиш ҳамда келажакни прогноз қилиш мумкин бўлади.

Қатор ҳолатларда аҳолини рўйхатга олиш – аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, никоҳ ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақида маълумотлар олишнинг ягона манбаи бўлиб хизмат қилади.

Аҳолини рўйхатга олиш – бу мамлакат аҳолисининг муайян вақтдаги “фотосурати”ни олиш имконини берувчи умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олиш қачондан ўтказила бошланган?

Аҳолини дастлабки рўйхатга олиш қадимги Гретсия, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Мисрда ўтказилган. Лекин, бу аҳоли рўйхатларининг мақсади аҳолидан солиқ йиғиш, яъни бож олиш ҳамда ҳарбий мақсад учун аҳоли сонини аниқлаш бўлган. Шунинг учун ҳам, бу аҳоли рўйхатларида асосан эркаклар рўйхатга олинган. Чунки, у пайтларда эркакларнинг иқтисодий ўрни юқори бўлган, солиқ тўлашда фақат эркаклар, яъни оила бошлиқлари қатнашган.

Аҳолини энг биринчи расмий рўйхатга олиш 1790 йилда АҚШда, кейинчалик 1800 йилда Шветсия ва Финляндияда, 1801 йилда – Англия, Дания, Норвегия ва Францияда ўтказилган. Аммо, бу аҳоли рўйхатлари жуда оддий шаклда ҳамда узоқ муддатга чўзилган. Масалан, биринчи АҚШда аҳолини рўйхатга олиш ишлари 18 ой давомида олиб борилган.

ХIХ асрга келиб, аҳолини рўйхатга олиш жуда кенгайди. Қатор Европа мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилди. Аҳолини рўйхатга олиш илмий дастурлар асосида олиб борилиши йўлга қўйилди. Хусусан, 1870-1879 йилларда дунёнинг 48 та, 1890 йилларда эса 57 та давлатида аҳоли рўйхати ўтказилган. ХIХ аср охирида дунё аҳолисининг 21 фоизи рўйхатга олинган бўлса, ХХ аср бошида 54 фоиз аҳоли рўйхатдан ўтказилган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин, аҳолини рўйхатга олиш тизими янада такомиллаштирилди. 1945-1954 йилларда – 151 та давлатда, 1965-1974 йилларда – 179 та давлатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган. Ҳозирги пайтда, дунёдаги деярли барча давлатларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилмоқда.

Республикамизда демографик жараёнларнинг ҳолатини ўрганишда мамлакат ҳудудида ўтказилган аҳоли рўйхати маълумотлари муҳим аҳамият касб этади. Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897 йилда ўтказилган бўлиб, ушбу рўйхат маълумотлари ХIХ аср охирида Ўзбекистонда мавжуд оилалар сони, аҳоли сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тассаввур ҳосил қилишга ёрдам берган. Ўзбекистон ҳудудида кейинчалик 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган.

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 56 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс