Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
Вилоят ҳокими аҳоли яшаш шароитларини хонадонбай ўрганди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз тумани Бунёдкор маҳалласида бўлиб, аҳоли вакиллари билан мулоқот қилди. Мулоқот давомида электр энергия таъминотини яхшилаш учун бетон устунлар ўрнатиш, тармоқ тортиш, йўл, ичимлик суви ва бошқа муаммолар юзасидан вилоят раҳбарига мурожаат қилинди.

Таъкидлаш лозимки, маҳалла 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, янги ташкил этилган массивга асосан Термиз шаҳридан оилалар кўчиб келган. Ҳозирда маҳаллада жами 750 та хонадонда 2609 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Вилоят ҳокими маҳалладаги мавжуд муаммоларни пиёда юриб, кўздан кечирар экан, шу жойнинг ўзида вилоят бошқармалари ва мутасаддиларга мавжуд муаммоларни қисқа муддатда  бартараф этиш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди. Топшириқлар ижроси эса вилоят ҳокими назоратида бўлиши, бунинг учун маҳаллага ташриф буюриш вилоят ҳокимининг ҳафталик иш режасига киритилишини маълум қилди.

Вилоят раҳбари шунингдек, янги тайинланган ҳоким ёрдамчиси билан суҳбат қилиб, айни вақтда ишсиз бўлган 192 нафар фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш борасидаги режалари билан танишди.

- Маҳалланинг асосий драйверлари чорвачилик, хизмат кўрсатиш, иссиқхона ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳисобланади. Айни вақтда аҳолининг 30 фоиз қисмини хатловдан ўтказдик ва шу билан бирга уларнинг бандлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқмоқдамиз, - дейди ҳоким ёрдамчиси Икром Ҳайитов.

Вилоят раҳбари хонадонларни кўздан кечирар экан, маҳаллада паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун, аввало, ушбу йўналишда намунали иш ташкил қилинган ҳудудлар тажрибасини ўрганиш бўйича масъулларга вазифа юклади.

 

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 37 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс