Жорий йил 27 январь куни Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “ХАЛК НАЗОРАТИ - НАРОДНЫЙ КОНТРОЛЬ” гуруҳида “Қачондан буён пилла боқиш “элга келган тўй” даражасига кўтарилди...?!” сарлавҳаси остида эълон қилинган танқидий пост юзасидан Термиз туман ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади:
Мазкур мурожаат тегишли органлар томонидан масъуллар иштирокида ўрганиб чиқилди. Ўрганиш якунларига кўра Термиз туман қишлоқ хўжалиги бўлими ходими Ҳайдаров Турғун Эшонқулович ҳақиқатдан ҳам ўзининг телефон рақами орқали фермер хўжаликлари раҳбарлари билан пилла боқиш масаласида телефон орқали гаплашганлиги, суҳбатлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2022 йил пилла мавсуми учун ихтиёрий равишда шартнома тузишлари мумкинлиги, ҳеч кимга шартнома тузиш мажбурий эмаслиги ва “2022 йил ҳосили учун пилла етиштириш бўйича бир қатор имтиёзлар белгиланганлигини, жумладан пилла хомашёси етиштириш бўйича тузилган шартномага асосан топшириладиган ҳар бир кг пилла хомашёси учун пилла боқувчиларга 5000 сўмдан субсидия маблағлари пилла боқиш мавсумидан олдин ажратилиши белгиланганлигини билдириб, ушбу имтиёзлардан фойдаланган ҳолда 2022 йил пилла мавсумида ўз ихтиёрлари билан фаол иштирок этишлари ҳақидаги эълонни фермер хўжаликлари раҳбарларига етказган.
Шунингдек, Т.Ҳайдаров фермер хўжаликлари раҳбарлари билан телефон орқали ўтказган суҳбатлари давомида ажратиладиган субсидия маблағларини олиш учун пилла қуртини боқувчиларнинг ҳужжатларини “Термиз агропилла” МЧЖга тақдим этишлари мумкинлиги ҳақида тушунтиришлар берганлиги аниқланди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024