Куни-кеча 2-Сектор раҳбари, туман прокурори Ботир Олтибоев аҳоли ва ёшлар билан учрашиб, таклиф ва мурожаатларини тинглаш мақсадида туманнинг “Дўстлик” маҳалласида сайёр қабул ўтказди.
Ўттизга яқин фуқаролар, жумладан ёшлар иштирок этган сайёр қабулда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар, ёшларнинг таклиф ва мурожаатлари туман Халқ қабулхонаси мудири Отабек Норматов ҳамда масъуллар иштирокида қабул қилинди. Сайёр қабулда шу маҳаллада истиқомат қилувчи Шухрат Холмўминовнинг оила аъзолари ногиронлик аравачасига мухтож эканлигини билдириб мурожаат қилишди. Туман прокурорининг топшириғи билан мурожаат туман Тиббий-ижтимоий таъминот бўлими ходимлари томонидан жойида ўрганиб чиқилди ва Шухрат Холмўминовга замонавий электрон бошқарув билан жиҳозланган аравача етказиб берилди.
Шунингдек, сайёр қабулда аҳоли вакиллари ва ёшларнинг 17 та мурожаати тингланиб, уларнинг 4 таси шу ернинг ўзида ижобий ҳал этиб берилди. Келиб тушган мурожаатларнинг 5 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди ва қолган 8 та мурожаат ижроси муддат талаб қилганлиги сабабли масъулларга йўналтирилиб, ижроси 2-Сектор штаби томонидан назоратга олинди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024