Бозор Рахмонов Термиз туманининг “Айритом” маҳалласида 68 нафар набираси ва 27 нафар чевараси билан умргузаронлик қилиб келади. 89 ёшни қаршилаган нуроний Бозор Рахмонов “Меҳнат фахрийси” II даражали кўкрак нишони соҳиби, 1970 йилда ўзининг қишлоқ хўжалигидаги фидокорона меҳнатлари учун собиқ иттифоқ “Меҳнат Қаҳрамони” ордени билан тақдирланган.
Наврўз айёми муносабати билан туманимизда меҳмон бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги Нуроний онахонлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Хайринисо Мирзажонова куни-кеча вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Орзиқул Соатов, туман прокурори – 2-Сектор раҳбари Ботир Олтибоев, туман ҳокимининг ўринбосари Санжар Нуриев ва бошқа масъуллар байрам совғалари билан меҳнат фахрийси Бозор Рахмоновнинг хонадонида бўлишди.
Хонадонга ташриф буюрган меҳмонлар Бозор Рахмонов билан у кишининг ҳаёт йўллари, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги меҳнат фаолияти тўғрисида суҳбат қилишди. Мўжазгина хонадонида ташкил қилган боғида, табиат қўйнида кечган суҳбат барча учун мароқли бўлди.
Бозор Рахмонов 89 ёшни қаршилаган бўлишига қарамай бугунги кунда ҳам ўзининг шахсий томорқасида меҳнат қилиб, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги билан шуғулланиб келади. Суҳбат давомида меҳнат фахрийси ўзининг иссиқхонасида етиштираётган сабзавот маҳсулотлари билан таништириб, уни етиштириш агротехнологияси ҳақида ҳам сўзлаб берди.
Ташриф якунида меҳмонлар дастурхон атрофида Бозор Рахмоновнинг ёшлик йиллари, меҳнат фаолияти мухрланган фото албомлари билан ҳам танишишди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024