Юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот инсон қадри учун хизмат қилмоғи лозим ва бу тамойил бугунги кунда олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда.
Термиз туманида ҳам туман ҳокими ва сектор раҳбарлари томонидан маҳаллаларда белгиланган режага асосан сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда. Навбатдаги сайёр қабул туман ҳокими, 1-Сектор раҳбари Шухратжон Уринов томонидан “Мустақиллик” маҳалласида ўтказилди. Сайёр қабулда туман Халқ қабулхонаси мудири Отабек Норматов, туман ҳокимининг ўринбосарлари ва маҳаллалардаги ёрдамчилари, тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда маҳалланинг 50 га яқин фуқаролари иштирок этишди.
Сайёр қабулда фуқароларнинг мурожаатлари масъуллар иштирокида тингланиб, шу жойнинг ўзида кўриб чиқилди. Қабул давомида фуқароларнинг уй-жой расмийлаштируви, электр энергияси таъминоти, ичимлик суви, йўл ва бошқа масалалардаги 16 та мурожаати қабул қилинди. Мурожаатларнинг 9 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этиб берилди. Жумладан, шу маҳаллада яшовчи ёшлардан бири бўлган Мунаввар Зоированинг олий таълим муассасасидаги ўқиши учун шартнома пулини тўлашда ҳомийлик кўрсатиш бўйича қилган мурожаати ижобий ҳал этилиб, “Ёшлар жамғармаси”дан белгиланган шартнома пулининг 35 фоизи тўлаб берилиши маълум қилинди.
Келиб тушган мурожаатларнинг 4 тасига туман ҳокими ва масъуллар томонидан тушунтириш берилиб, кўтарилган масалалар келгусида амалга ошириладиган дастурлар доирасида ҳал этилиши билдирилди. Ижроси муддат ва масъуллар томонидан қўшимча ўрганиш талаб қиладиган 3 та мурожаатга муддатлар белгиланиб, масъулларга ижро учун йўналтирилди ҳамда ижроси 1-Сектор штаби томонидан назоратга олинди.
Албатта бу каби сайёр қабулларда аҳоли мурожаатларини жойида ўрганиш ва ҳал этиш орқали мавжуд муаммоларнинг бартараф этилиши, аҳолининг розилигини таъминлайди.
Термиз тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024