Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
Аҳоли ва тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш мақсадида “Зарбдор ойлик” ўтказилмоқда

Термиз тумани 2-Сектор ҳудудида 8 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Туман прокурори, 2-Сектор раҳбари ушбу ойни “Зарбдор ойлик” деб белгилаб, ҳар куни сектор ҳудудидаги битта маҳаллада бўлиб, 6 та йўналишда ишларни ташкил этиш, аҳоли ва тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ҳамда уларнинг ечимини топиш бўйича ишларни бошлади.

Куни-кеча туман прокурори, 2-Сектор раҳбари Ботир Олтибоев “Зарбдор ойлик”ни “Айритом” маҳалласидан бошлади. Дастлаб маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли билан давра суҳбати ўтказилди ва маҳалладаги ҳар бир масъулнинг иш фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича гаплашиб олинди ҳамда тавсиялар берилди. Шундан сўнг, сектор раҳбари туман ҳокимининг ўринбосари Шухрат Қаландаров ва 2-Секторга бириктирилган туман ташкилот ҳамда корхоналари раҳбарлари билан биргаликда аҳоли хонадонларида бўлиб, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганишди.

Ўрганишлар давомида томорқадан самарали фойдаланиб, деҳқончилик, иссиқхоначилик ва боғдорчиликни йўлга қўйган тадбиркорларнинг тажрибаларини ўрганишди ҳамда томорқасидан самарали фойдаланишни йўлга қўймаган хонадонларда ушбу тажрибаларни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилди.

Кейинги манзил маҳаллада сектор раҳбарининг ташаббуси ва ҳоким ёрдамчиси кўмагида тикувчилик фаолиятини йўлга қўйган Дилором Ишимовани хонадони бўлди. Имтиёзли кредит эвазига хонадонда ташкил этилган кичик тикувчилик цехи фаолияти билан танишилди. Ҳозирги кунда тадбиркор имтиёзли кредитдан самарали фойдаланиб, ишсиз 3 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаб келмоқда.

Шундан сўнг, ишчи гуруҳи маҳалла ҳудудида жойлашган таълим ва тарбия масканларида бўлишди. Жумладан, ҳудуддаги 24-сонли мактабда ўтган йили ҳомийлик асосида реконструкция ишлари амалга оширилиб, атрофи ўралган, жорий йилда мактаб ҳудудидаги бўш ер майдонидан самарали фойдаланиш мақсадида 1 сотих майдонда иссиқхона ташкил этилди. Туман прокурори иссиқхонадан самарали фойдаланиш ва қаламчалар ўтқазиб, кўчатлар етиштиришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, ишчи гуруҳи томонидан 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотидаги мавжуд муаммолар ўрганилди. Ушбу таълим-тарбия ташкилотининг асосий биносида жорий йилда реконструкция ишларини амалга ошириш белгилаб олинди.

Туман прокурори, 2-сектор раҳбари Ботир Олтибоев ва туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шухрат Қаландаров ҳамда “Айритом” маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоллари ҳамда штаб аъзолари томонидан ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича Лидер тадбиркор томонидан кооперация тизими асосида 100 та хонадонга иссиқхоналар қуриб бериш бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилди.

Бундан ташқари, “хонадонбай” ўрганиш давомида ишчи гуруҳ маҳалладаги кам таъминланган, кўмакка мутож ҳонадонларда ҳам бўлишиб, уларнинг яшаш шароитлари ва муаммоларини жойида ўрганишди. Ўрганиш якунларига кўра айрим хонадонларни ҳомийларни жалб қилган ҳолда таъмирлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 35 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс