Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан нон ва нон маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш долзарб ва асосий вазифа ҳисобланади. Бу борада туман прокуратураси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг туман бўлими томонидан доимий ўрганишлар олиб борилмоқда.
Бугун ўтказилган навбатдаги ўрганишларда Термиз тумани прокуратураси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг туман бўлими ва туман Давлат солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда тумандаги қолипли нон ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи 25 та тадбиркорлик субъектларининг қолипли нон ишлаб чиқариш жараёни билан жойига чиққан ҳолда танишилди.
Ўрганиш давомида қолипли нон ишлаб чиқариш жараёнлари, санитария талабларига риоя этилиши, цехларнинг самарали ишлаши, қолипли нон учун ажратилган ун маҳсулотлари захираси, ун маҳсулотини асоссиз сотилишининг олдини олиш, аҳолига ўз вақтида баркарор нархларда сифатли нон ва нон маҳсулотлари етказиб берилиши ҳолатлари ўрганилиб, тадбиркорларга ишлаб чиқарилган нон маҳсулотларининг нархини асоссиз оширмаслик ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича тушунтиришлар олиб борилди.
Шунингдек, нон ишлаб чиқарувчи тадбиркорларнинг мавжуд муаммолари ҳам ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Туман прокуратураси ушбу йўналиш бўйича ишлар доимий равишда олиб борилишини, туманда қолипли нон маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда аҳолига барқарор етказиб берилиши назоратда эканлигини маълум қилади.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024