Маслаҳатчи ва Миссия раҳбарининг ўринбосари жаноб Шинсуке Тода, Япониянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси биринчи котиби Таэ Сато ЮНИСЕФ вакиллари билан биргаликда Термиз тумани халқ таълими бўлими қошидаги болаларни ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш марказига ташриф буюришди.
Ташриф аввалида Термиз тумани халқ таълими бўлимида делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Термиз тумани ҳокими Шухратжон Уринов, Халқ таълими вазирлигининг Республика ташхис маркази раҳбари Лилия Гайнутдинова ҳамда вилоят ҳокимлиги Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш котибияти мудири Шохида Ибрагимовалар иштирок этишди.
“... Япония болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш учун ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлашга қарор қилди, чунки фавқулодда вазиятлар болаларга салбий таъсир кўрсатади. Чин дилдан умид қиламанки, СОП (Стандарт операцион процедуралар), ўқитилган мутахассислар ва психологик-ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга, хусусан фавқулодда вазиятларга тайёргарлик нуқтаи назаридан ҳам, ҳамда мухтож болалар ва уларнинг оилалари муаммоларини яхшироқ ҳал қилишга ҳисса қўшади,” – деди жаноб Шинсуке Тода.
Шундан сўнг меҳмонлар Термиз тумани халқ таълими бўлими қошидаги болаларни ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш маркази фаолияти ва унда яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.
“... СОП Ўзбекистонда болаларни зўравонлик, хўрлаш, қаровсизлик ва эксплуатациядан ҳимоя қила оладиган миллий ва маҳаллий даражаларда болаларни ҳимоя қилишнинг кучли тизимларини яратиш учун мустаҳкам пойдевор яратади.” – деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосарининг вазифасини ижро этувчи Жанар Сагимбаева.
Япония ҳукумати Сурхондарё вилояти тиббиёт муассасаларида сув, санитария ва гигиена масалаларини ҳал этиш учун муайян тадбирларни ҳам молиялаштиради. Бу ишлар қаторига сув қувурларини барпо этиш, сув сақлаш резервуарлари, сувни юмшатувчи моддалар ва фильтрлар, электр энергияси ва иссиқ сув учун қуёш панелларини ўрнатиш киради.
Япония ва ЮНИСЕФ вакилларидан иборат делегация Термиз тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплексида ҳам бўлишиб, бу ерда бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш жараёни билан ҳам танишишди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024