Шухратжон Уринов: Туманда ишга туширилаётган йирик лойиҳаларга зарур бўлган мутахассисликлар учун ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш тизими йўлга қўйилади
Термиз туман сектор раҳбарларининг ёшлар муаммо ва масалалари юзасидан "маҳаллабай" амалга оширган ишлари тўғрисида ҳисоботлари тингланди.
Туман ҳокими Ш.Уринов ва сектор раҳбарлари туман ёшлари билан учрашиб, туманда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва уларни иш билан таъминлаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш борасида “маҳаллабай” тизимда амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳисобот бериб ўтдилар.
Туманда 18-30 ёшдаги ёшлар сони 19 213 нафарни ташкил этади. Шундан, 14 398 нафар ёшлар билан суҳбатлар ўтказилиб, сўров анкеталари тўлдирилган. Сўровнома натижаларига кўра 4310 нафар ёшлар муаммолари аниқланиб, электрон базага киритилган. Ушбу ёшларнинг 533 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш, 1585 нафарини бандлини таъминлаш, 1172 нафарининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, 633 нафарининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва муаммоларини ҳал этиш белгиланган.
Ишсиз ёшларни бандлигини таъминлаш мақсадида туманда ишга туширилаётган йирик лойиҳалар учун зарур бўлган мутахассисликларга ўқитиш орқали ишга жойлаштириш тизими йўлга қўйилади. Бунда иш берувчилар билан келишилган ҳолда ёшларни буюртма асосида ўқитиш ва уларни керакли касбга ўқитиш тизими яратилади.
Бундан ташқари ҳар бир маҳаллада ёшларга деҳқончилик қилиш учун ер майдонлари ажратиб берилмоқда. Бу борадаги ишлар бошлаб юборилган бўлиб, ёшларга озиқ-овқат экинлари етиштириш учун ер майдонлари ажратиб берилмоқда.
Учрашув давомида ёшларнинг муаммо ва таклифлари ҳам тингланди. 20 нафардан ортиқ ёшларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, ижроси бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди ҳамда Ёшлар муаммолари билан ишлаш бўйича туман штабига мурожаатлар ижросини назорат қилиб бориш вазифаси юклатилди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024