Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
Термиз туманида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар юзасидан учрашув бўлиб ўтди

Туман ҳокимлиги катта мажлислар залида вилоят прокурори Садриддин Турдиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботир Мардаев ҳамда туман ҳокими Шухратжон Уринов иштирокида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар бўйича қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда туман депутатлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг тармоқлар бўйича ўринбосарлари, туман Халқ қабулхонаси, тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла раислари ҳамда туман фаоллари ва нуронийлар иштирок этишди.

Учрашув аввалида вилоят прокурори сўзга чиқиб, бугунги кунда кенг жамоатчилик муҳокамасида бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар бўйича кенг тушунтиришлар берди.

Таъкидланганидек, халқимиз томонидан берилган таклифлар, шунингдек Давлат раҳбарининг комиссия аъзолари билан учрашувда “Инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак” деган тамойил асосида берилган таклифлардан келиб чиқиб “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси тайёрланди.

Конституциявий қонун лойиҳаси Конституциямизнинг 60 дан ортиқ моддаларига 200 дан ортиқ тузатишларни назарда тутмоқда. Конституцияга ўзгартишлар “инсон-жамият-давлат” принципига асосланган бўлиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги конституциямизнинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутади.

Конституциявий тузатишлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади.

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аввало “инсон қадри учун” деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилганлиги иштирокчилар томонидан ҳам эътироф этилди.

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс