ЯНГИЕРДА ЯНГИЛАНИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА
Термиз туманидаги “Янгиер” маҳалласининг ташкил топганига ҳали бир йил ҳам бўлмади. Янги ташкил этилган "Янгиер" маҳалласида бугунги кунда 2616 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Вилоятда оғир ҳудудларда жойлашган маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари олиб бориш бўйича тасдиқланган манзилли рўйхатга “Янгиер” маҳалласи ҳам киритилган бўлиб, маҳаллада янги йўлларни барпо этиш, тошлаш, янги электр тармоқлари тортиш, маҳалла кўчаларини ободонлаштириш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Маҳалла янги ташкил этилганлиги сабабли МФЙ ҳудуддаги 36-сонли мактабда фаолият олиб бораётганлиги сабабли маҳалла учун алоҳида бино қуриш зарурати бор эди. Туман ҳокимлиги томонидан давлат хусусий шерикчиликда маҳалла биноси қуриш учун ер майдони ажратилиб, тадбиркор томонидан бино қурилиши ишлари бошлаб юборилди.
Бир сўз билан айтганда “Янгиер” маҳалласида янгиланиш ишлари жадал давом этиб, яқин вақтларда маҳалла ўзгача кўрк билан чирой очади.
Термиз туман ҳокимлиги Ахборот хизмати
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024