Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билимли ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказиш мақсадида жорий қилинган тизим ота-она меҳридан мосуво бўлиб келган мурғак қалблар ҳаётида тамомила янги саҳифа очаётгани қувонарли.
Ана шу тизим самарасида бугун 6 нафар бола ота-она меҳр-муҳаббати билан бир оила даврасида бахтли ҳаётини бошлади. Бу Термиз туманида дастлабки оилавий болалар уйи ўз фаолиятини бошлагани билан боғлиқ.
Термиз туманининг “Ш.Рашидов” маҳалласида истиқомат қилувчи Комилжон Тошпўлатов ва Дилором Суюндикова оиласи бир-биридан ширин олти нафар болани тарбиясига олди. Хонадонда уларнинг эмин-эркин яшашлари, оилавий муҳит тафтини ҳис қилиб улғайишлари учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Муҳими, бу болалар энди ота-она меҳру-муҳаббатидан баҳраманд бўлишади, ўзларини тенгқурларидан асло кам сезишмайди.
Туманда фаолиятини бошлаган илк оилавий болалар уйининг очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти мудири Шаходат Ибрагимова, туман ҳокимининг ўринбосари Санжар Нуриев, Миллий гвардиянинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси вакиллари, масъуллар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ижтимоий ҳимояга мухтож болаларни ўз бағрига олган оилага миннатдорчилик билдириб, фарзандларнинг ушбу оилада бекаму-кўст, комил инсон бўлиб вояга етишларини тилашди.
Болажонлар учун тадбир сўнгида туман ҳокимлиги томонидан келтирилган совғалар яхши ниятлар ила топширилди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024