Термиз шаҳрида Термиз халқаро савдо маркази – INTERMEX лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Анвар Орипов, қатор ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий ва хорижлик тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Орипов Термиз халқаро савдо маркази – INTERMEX лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган ишлар, бу ерда тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар, имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, Термиз халқаро савдо маркази фаолиятини ташкил этишдан мақсад Ўзбекистон ҳамда Афғонистон ўртасида товар ва хизматларнинг эркин алмашинувини таъминлашга қаратилган қулай шарт-шароитларни яратишдан иборат бўлиб, халқаро савдо маркази Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида, Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасига яқин жойда жойлашган. Лойиҳанинг умумий майдони 260 000 кв. метрни ташкил этади.
Ушбу лойиҳа доирасида 4000 дан ортиқ дўкон, ишлаб чиқариш майдони, экспорт-импорт операциялари бўйича логистика маркази, халқаро тиббиёт маркази, меҳмонхона ва ётоқхона, ресторанлар ва умумий овқатланиш шохобчалари, шунингдек, сунъий сув ҳавзаси бўлган кенг кўламли дам олиш масканлари барпо этилмоқда.
Ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш мақсадида Термиз халқаро савдо маркази ҳудудида хизмат кўрсатиш, ёқилғи қуйиш шохобчалари ва бошқа бир қатор инфратузилма обектлари ташкил этилган.
Шунингдек, тадбиркорлар фаолиятини рағбатлантириш мақсадида Термиз халқаро савдо маркази – INTERMEX ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда Афғонистон ва бошқа қўшни давлатлар фуқаролари учун 10 кун муддатга визасиз махсус режим жорий этилган.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024