Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
“АФҒОНИСТОНГА ИШГА ЖЎНАТАМАН...” 45 минг долларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган замонавий “хамелион” нинг ажабтовур “саргузаштлари” ҳақида
Тадбирлар / 2022-02-28

Пул топишнинг йўллари кўп, кимдир тадбиркорлик билан рўзғор тебратса, бошқа бир юртдошимиз томорқадан унумли фойдаланади, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик ва бошқа соҳаларни ривожлантираётганларни ҳам истаганча топиш мумкин.

Афсуски, осон пул топишни мақсад қилганлар ҳам учраб турибди, Жарқўрғон туманининг “Зартепа” маҳалласида яшовчи Рахматулло Қодиров (исм, шарифлар ўзгартирилган) ҳам ана шундай устамонлар тоифасидан экан, у ўрта-махсус маълумотга эга, оилали, 3 нафар фарзанди бор, жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг 2020 йил 20 июлдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари, яъни 13 миллион 380 минг сўм жарима тўлаган.

Бундан тўғри хулоса чиқармаган “қаҳрамонимиз” текин даромад топишнинг “ноёб” усулини ўйлаб топгани кишини таажжубга солади. 2020 йилнинг март ойи бошларида “ишбилармон” Жарқўрғон туманидаги “Гулҳовуз” маҳалласида йиғилиш ўтказади. “Машварат”да Афғонистонда қурилаётган темир йўл қуриш учун ўтказилган тендирда ғолиб бўлгани ва бунинг учун ишчи кераклигини айтади. Ойлик маош сифатида ҳар 15 кунда 10 миллион сўм пул берилиши ҳам таъкидлаб ўтилган.

Вақтим кам, ишим кўп - дейди, “табдиркор”  сўзида давом этиб, бир кун Афғонистонда бўлсам, эртаси куни Тошкентга боришга тўғри келади, шунинг учун ҳужжат ишларини амалга оширишни Элмурод Бозорбоевга ишониб топширмоқчиман, унга паспорт нусхаси, “ИНН коди”, ҳарбий гувоҳнома, 3Х4 ҳажмдаги сурат ва ҳар бир киши 1 минг 500 доллардан берса бўлгани, шундан кейин ишга борасизлар ...

Хорижнинг “ял-ял” товланиб турувчи “иномарка” машинасида келган “ҳожатбарор”нинг таклифидан кейин ишга борувчилар сони кўпая бошлайди. “Иш юритувчи”га кимдир 15 миллион сўм пул, бошқалар эса 1,5 минг доллардан берган.

Қисқа даврда 30 кишидан умумий миқдори 45 минг доллар олганман, дейди Элмурод Бозорбоев.

Маблағни ўз вақтида ва айтилган пайтда Раҳматулло Қодиров олиб кетган. Аммо, ҳеч ким ишли бўлмади. Шундан кейин эса ғалва бошланди. Кунларнинг бирида Раҳматуллонинг уйига бордим. У эса “Ҳақиқатдан ҳам, мендан 45 минг доллар қарз олгани” хусусида тилхат ёзиб берди. Шундан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилдим.

Қинғир иш - кетирар ташвиш, дейди доно халқимиз. Суриштирув ва тергов давомида 45 минг долларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган замонавий “хамелион”нинг барча кирдикорлари фош этилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодесининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан (Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб) айбдор деб топилган Рахматулло Қодиров жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг 2021 йил 11 октябрдаги ҳукми билан 7 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўтган йилнинг 7 декабрида Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан ҳолат яна бир бор кўриб чиқилди ҳамда жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг 2021 йил 11 октябрдаги ҳукми ўзгаришсиз қолдириш хусусида ажрим чиқарди.

 

С.Сувонқулов - Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов хайьати судьяси

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс